Xorazm Ma'mun akademiyasi

VAZIRLAR MAHKAMASINING QARORI 02.02.2012 Y. №-27

27-06-2017     O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qarorlari

РЕСПУБЛИКАДА ТЕРМИТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ ИШЛАРИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ВА УЛАРНИНГ ЗАРАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 6-сон, 58-модда)

Аҳоли турар жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар, ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлар ва бошқа турдаги объектларни сақлаш, уларга зарар етказаётган термитларнинг тарқалиши ва уларнинг зарарли фаолиятига қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида термитларга қарши курашиш хизматини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳузурида ва унинг муассислигида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи «Республика термитларга қарши курашиш маркази» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда — Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
  2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ёки бошқа ташкилотлар томонидан яратилган термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини ишлаб чиқариш;

термитларга қарши курашиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти билан ҳамкорликда услубий қўлланмалар, тавсиялар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари билан биргаликда термитлар тарқалган объектларни аниқлаш ҳамда аҳоли ўртасида термитларга қарши курашиш бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш;

термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини шартнома асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказларига буюртмага асосан етказиб беришни таъминлаш;

термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиши хавфли деб белгиланган ҳудудларнинг аниқ рўйхатини тузиш ҳамда ушбу ҳудудларда термитлар бартараф этилганлиги бўйича хулосалар бериш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти ҳузуридаги «Республика термитларга қарши курашиш маркази» давлат унитар корхонасининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказнинг директори ва унинг ўринбосари лавозимига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти директорининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан тайинланиши белгилансин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти билан биргаликда марказнинг устави тасдиқланишини, унинг устав фонди шакллантирилишини ҳамда Марказни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни таъминласин;

Марказни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институтининг Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, А.Ниёзов кўчаси, 1-уй манзилидаги бинога жойлаштирсин;

Марказни зарур ихтисосликка эга бўлган малакали кадрлар билан таъминласин.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари термитларга қарши курашиш мақсадида Марказ билан шартнома асосида иш олиб боради;

дезинфекция станциялари аҳоли яшайдиган уй-жойларда, ижтимоий соҳа объектларида, корхона ва ташкилотларда ҳамда маданий-тарихий обидаларда термитларга қарши курашиш ва профилактик чора-тадбирларни амалга оширади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари табиий шароитда термитлар тарқалган ҳудудларда (далаларда, қабристонларда, чўл зоналарида ва бошқа очиқ жойларда) уларга қарши курашиш ва профилактик чора-тадбирларни амалга оширади;

Марказ термитларга қарши курашишда интеллектуал мулк ҳисобланган воситалардан фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгаси билан қонунчиликда белгиланган тартибда шартнома тузади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Фанлар академияси Давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш жараёнида термитларга қарши заҳарли ем-хўраклар ва курашиш воситаларини такомиллаштириш билан боғлиқ изланишлар мавзуларини 2012 йилдан бошлаб Давлат илмий-техникавий дастурлари таркибига киритилишини режалаштирсин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Марказ томонидан термитларнинг табиий ўчоқлари бўлган ва қурилиш учун хавфли деб белгиланган ҳудудларда термитлар бартараф этилмагунга қадар қурилиш учун ер майдонлари ажратилишини тақиқласин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси дунё амалиётида тан олинган термитларга қарши чидамли бино ва иншоотлар қуриш тажрибасини ўрганиб, белгиланган тартибда қурилишга жорий қилинишини таъминласин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига республикадаги олий таълим муассасаларида биология, табиатшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ихтисосликлари бўйича тайёрланаётган бакалавр ва магистрлар ўқув дастурларига «Биозарарланиш асослари», «Ҳашаротлар экологияси» махсус курсларини киритиш ва тегишли дарсликлар билан таъминлаш вазифаси юклансин.
  5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б.И. Зокиров ва А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2012 йил 2 февраль,

27-сон