Хоразм Маъмун академияси

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING FARMONI 11.11.1997 Y. PF-1880

22-06-2017     O'zbekiston Respublikasi Prezidenti farmonlari

ХОРАЗМ МАЪМУН АКАДЕМИЯСИНИ ҚАЙТАДАН ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

 

Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантириш, қадимда фан, маърифат ва маданият оламининг маркази ҳисобланган, одамзот тарихидаги илк академиялардан бўлмиш Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш мақсадида:

  1. Хоразм Маъмун академияси — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими Хива шаҳрида ташкил этилсин.

Хоразм Маъмун академиясининг асосий илмий ва ташкилий вазифалари қуйидагилар деб белгилансин:

— илм-фан соҳасидаги қадимги улуғ миллий мерос асосларида юқори интеллектуал муҳитни яратишдаги бой анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, ёш истеъдодли олимларни излаб топиш, уларни Академия фаолиятига жалб этиш ва илмий ижодларининг самарадорлигини юксалтириш;

— қадимги миллий илм-фан соҳасидаги бой меросни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш, тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва био-технология соҳаларида фундаментал изланишларни олиб бориш, замонавий илмий мактаблар яратиш ва фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш;

— минтақада илм-фан билан боғлиқ барча ишларни замон талаблари даражасида мувофиқлаштириш;

— олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

— Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишда фаол иштирок этиш, узлуксиз таълим тизими ва фан ўртасидаги узвий, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, академик лицейларда илмий-педагогик фаолиятни юқори савияда олиб бориш;

— халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (Т. Жўраев):

— Хоразм Маъмун академияси таркибида тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология йўналишлари бўйича илмий бўлинмаларни ташкил этсин, икки ҳафта муддатда Хоразм Маъмун академиясининг тузилмаси ва Уставини тасдиқласин;

— бир ой муддатда Хоразм Маъмун академиясининг асосий илмий йўналишлар ҳамда илмий-тадқиқот ишларининг дастурини ишлаб чиқсин;

— бир ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда Хоразм Маъмун академияси штат жадвалини, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда унинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларнинг ҳисобини тайёрласин;

— 1998 йилнинг биринчи чорагида ўз Уставига мувофиқ устувор илмий йўналишлар соҳасида самарали ишлаётган олимлардан Хоразм Маъмун академияси таркибига сайлов ўтказсин.

  1. Хоразм Маъмун академиясини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари (академиклари) икки нафарга кўпайтирилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ж. Сайфиддинов) Хоразм Маъмун академиясининг илмий изланишлари ва илмий-ташкилий фаолият олиб бориши учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан тайёрланган сарф-харажатлар ҳисобига мувофиқ бюджетдан маблағ ажратсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси (П. Ҳабибуллаев) 1998 ва ундан кейинги йиллардаги Хоразм Маъмун академиясининг илмий изланишлар мавзуларини Давлат илмий-техникавий дастурлари таркибида режалаштирсин.
  4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Хоразм вилоят хокимлиги билан биргаликда Хоразм Маъмун академияси ва унинг бўлинмаларига истеъдодли ёш олимлар ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилишни таъминласин.
  5. Хоразм вилояти ҳокимлигига (И. Юсупов) бир ой муддатда Хоразм Маъмун академияси учун маъмурий бино ажратиш, уни таъмирлаш, транспорт, алоқа ва бошқа зарур жиҳозлар ҳамда вилоятга таклиф этилган илмий ходимларни уй-жой билан таъминлаш юклатилсин.
  6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1997 йил 11 ноябрь,

ПФ-1880-сон