Xorazm Ma'mun akademiyasi

Хоразм археологик-этнографик ёшлар экспедицияси

05-04-2021     So'nggi yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида “Хоразм археологик-этнографик ёшлар экспедицияси”нинг (ХАЭЁЭ) фаолиятини амалга ошириш бўйича топшириқ берилган эди. Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан ишлаб чиқилган экспедиция дастури доирасида жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб Хоразм вилояти Боғот туманида жойлашган Қалажиқ қалъасида археологик экспедиция ишлари бошлаб юборилди. Экспедицияга Хоразм Маъмун академияси археолог олимлари т.ф.н. Р.Абдримов, катта илмий ходим Б.Саъдуллаев УрДУ доценти Қ.Собировлар билан биргаликда раҳбарлик қилмоқда.

Шунингдек экспедиция таркибида академия таянч докторантлари Ш.Раҳимов, Ш.Исмоилов ва Ж.Абдуллаевлар ва PhD Я.Каримов ҳамда Урганч давлат университети Тарих факультетининг бир гуруҳ талабалари қатнашмоқдалар.

Экспедициянинг биринчи куни Хоразм археологик-этнографик ёшлар экспедициясининг дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, талаба ёшларга археологик экспедиция ишларини ташкил этиш услублари, йўналишлари ва ўзига хос қонуниятлари юзасидан семинар тренинг ташкил этилди. Унда талабалар археологик тадқиқот ишларига доир керакли билим ва кўникмаларга эга бўлишди.

Эртасига Хоразм археологик-этнографик ёшлар экспедицияси ўзининг амалий, яъни археологик қазув тадқиқот ишларини бошлаб юборишди. Ҳозирда тадқиқот ишлари қизғин ва самарали тарзда амалга оширилмоқда. Режага кўра, экпедиция ишлари тўлиқ бир ой давом этиши кўзда тутилган.