Xorazm Ma'mun akademiyasi

ЯНГИ ТУМАНГА ЯНГИЧА НИГОҲ БИЛАН

07-09-2020     So'nggi yangiliklar

Хоразм Маъмун академияси Ижтимоий-гуманитар бўлимининг бир гуруҳ олимлари янги ташкил этилган Тупроққалъа туманида бўлишди. Сафарга Ўзбекистон тарихи канали ҳамроҳлик қилди. Ташрифдан асосий мақсадлар: янги ўзгаришларни кўриш, археологик ёдгорликлар ҳолатини мониторинг қилиш, янги сайёҳлик имкониятларини ўрганиш ва халқимизни Тупроққалъа тумани тарихидан хабардор қилиш.

1982 йилда қум барҳанлари баҳрида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган хўжаликлар, ҳудуд аҳолиси узоқ йиллар давомида оғир шароитларда яшаб келган. 2020 йил апрелда янги туман ташкил этилиши муносабати билан катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аввало, 37 км замонавий йўл барпо этилди. Маъмурий бинолар янгидан қурилмоқда, таъмирланмоқда. Ҳозирда Тупроққалъа туманида 1000 гектардан ортиқ майдонга Хоразм Маъмун академияси қишлоқ хўжалиги мутахассислари томонидан яратилган янги ғўза нави экилган.

Сафаримиз давомида Тупроққалъа тумани ҳудудида жойлашган 10 дан ортиқ археологик ёдгорликларда бўлиб, уларни сақланиш ҳолати, тадқиқ қилиш ва сайёҳликка йўналтириш имкониятлари ўрганилди. 4 та ёдгорликда интервью берилди ва Ўзбекистон тарихида намойиш этилди.

Туманда Тупроққалъа, Сардоба ёдгорликлари (ўрни), Сартарош, Эшонрабод, Тош қалъа-1, 2 қолдиқлари, Мешекли қалъа ва карвонсарой харобалари, Хумбузтепа, Чингизтепа ва Уч ўчоқ ёдгорликлари сақланиб қолган. Айрим объектлар ҳали тўлиқ тадқиқ қилинмагани боис, археологик қазиш ишларини олиб бориш зарур. Мазкур ёдгорликларни туризм масканларига айлантирилса, маҳаллий аҳоли иш билан таъминланиши билан бирга, катта иқтисодий даромад қилиш мумкин.