Xorazm Ma'mun akademiyasi

“Қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишнинг инновацион усуллари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси

11-10-2018     So'nggi yangiliklar

2018-йил 9-10 оқтабр кунлари Хоразм Маъмун ақадемиясида ЎзР ФА вице президенти, академик Б.Т. Ибрагимовнинг “Йўл харитаси” да белгиланган “Қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишнинг инновацион усуллари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Конференция ишида Хоразм Маъмун академияси олимларидан ташқари Урганч Давлат университети профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари ва магистрантлари, шунингдек, Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти  олимлари, фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок қилди.

Конференция иштирокчиларини ташкилий қўмита раиси академик Б.Т. Ибрагимов табрик сўзи билан қутлади. Конференция давомида маърузачилар ўз чиқишларида республикамизда соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, бунда илм-фаннинг аҳамияти, айниқса, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш орқали маҳсулот сифати ва миқдорини кескин ошириш бўйича илмий-тадқиқот ишларининг натижалари билан таништирдилар.

Жумладан, сохани ривожлантиришда замонавий “ақлли  қишлоқ хўжалиги” мавзуси дала ишлари ва кузатувларида инсон иштирокини камайтириш, бунда турли замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида масофадан бошқариш орқали маҳсулот тан-нархини камайтириш, рақобатбардош маҳсулот олиш мумкинлиги таъкидланди.

Илғор мамлакатларнинг тажрибаси асосида турли моделлар, масалан CropSyst агрономик модели ёрдамида ғўза ҳосилдорлигини узоқ йиллар давомида башорат қилиш юзасидан бажарилган илмий-тадқиқот ишлари кўпчиликни қизиқтириб қолди.

Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан инновацион технологиялар асосида картошканинг янги биотехнология линияларини яратиш мақсадида олиб борилаётган изланишлар бу соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилганини исботлаб берди.

Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан яратилган ғўзанинг янги Хурма ва Ният навлари вилоят иқлимига мослиги, назорат навга нисбатан хосилдорлиги ва тола сифати яхшилиги билан устунлиги тўғрисида маълумот берилди.

Селекционерларнинг кейинги асосий вазифаси ушбу навларнинг уруғчилигини йўлга қўйиш эканлиги таъкидланди.

Анжуманда маърузачилар томонидан турли анъанавий ва ноанъанавий экинлар, жумладан дон-дуккакли, мойли, озиқ-овқат, ем-хашак экинларини етиштиришда илғор тажрибалар, инновацион ёндашувлар ҳақида маълумот бердилар. Республикамиз олимлари томонидан яратилган ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилган биостимуляторлар, уларни синаш натижалари муҳокама қилинди. Анжуманда кўтарилган мавзулар кўплаб баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой бўлди. Айниқса, фермер хўжалиги ва тадбиркорлар томонидан амалий иш жараёнида учраётган муаммолар кўтарилди, экспорт учун маҳсулот етиштириш юзасидан саволлар берилди. Ҳусусан, доривор ўсимликлардан шифобахш ичимликлар олиш, шакар ишлаб чиқариш учун стевия ўсимлигини кўпайтириш таклифлари муҳокама қилинди. Кўтарилган таклиф ва саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.