Xorazm Ma'mun akademiyasi

Академиклар билан учрашув

06-03-2018     So'nggi yangiliklar

2018 й. 2 март куни Хоразм Маъмун академиясида Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолигига янги сайланган академиклар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ЎзР ФА Президиумининг Кимё-биология бўлими раҳбари, академик Р.З.Сабиров, ЎзР ФА Ботаника институти директори, академик К.Ш.Таджибаев, шунингдек, ЎзР ФА Зоология институти директори, б.ф.н. Б.Холматов иштирок қилди.

Учрашув “Биофизика ва биохилма-хилликнинг замонавий муаммолари” мавзусида коллоквиум билан давом қилдирилди. Академик Р.З.Сабиров “Пуринэргик сигналлардаги анион каналлар” мавзусида презентация қилди. У ўз нутқида молекуляр физиология соҳасида амалга оширилаётган фундаментал тадқиқотлар, уларнинг амалий аҳамияти ва халқаро ҳамкорлик тўғрисида маълумот берди. Хусусан ҳужайралараро сигналларни узатиш тури бўлган пуринэргик узатиш, бунда нуклеотид ва нуклеозидларнинг ролини ўрганиш бўйича лаборатория тадқиқотлари, қўлга киритилган ютуқлар, ўзи томонидан хорижда чоп қилинган асар ва мақолалар тўғрисида маълумот берди.

Ботаника институти директори, академик К.Ш.Таджибаев “Ўсимликларнинг замонавий таксономияси ва Ўрта Осиё ўсимлик хилма-хиллигини ўрганишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси” мавзусида презентация қилди. Иштирокчилар диққатига дунё флорасининг ҳозирги кундаги тур сони, ўзбекистонлик олимлар томонидан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида топилган янги ўсимлик турлари ҳақидаги маълумотлар тақдим қилинди. “Ўзбекистон флораси. I том.” асари чоп қилинганлиги, “The flora of Uzbekistan Project” лойиҳаси бўйича халқаро команда фаолият юритаётганлиги, “Floruz” ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрланганлиги, “Тюльпаны мира” китобининг биринчи боби нашрдан чиқарилганлиги ҳақида тўхталди.

Зоология институти директори, б.ф.н. Б.Холматов “Янги ”Antitermit” хўрагини яратиш ва Anacanthotermes термитларига қарши кураш чоралари” мавзусида презентация қилди. Институт олимлари томонидан термитларга қарши кураш юзасидан амалга оширилаётган тадқиқотлар, янги хўраклар яратиш, уларнинг аҳоли жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилот, маданий-тарихий обидалар, дала ва чўл зоналарида самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, термит зарарига бардошли дарахт турлари классификация қилинганлиги, илмий-тадқиқот натижалари бўйича олинган патент, чоп қилинган дарслик, тавсиянома, йўриқнома ва бошқалар бўйича сўзлади.

Учрашув мунозорага бой, қизиқарли тарзда бўлиб ўтди.