Xorazm Ma'mun akademiyasi

Қўшма йиғилиш

23-10-2017     So'nggi yangiliklar

2017 йил 21 октябрь Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси, Урганч давлат университети қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишга раислик қилган ЎзР ФА илмий кадрлар бошқармаси бошлиғи А.Қаюмов дастлаб илм-фан тараққиётига оид ҳукумат қарорларини бажаришдаги саъй-ҳаракатлари учун Хоразм Маъмун академияси жамоасига ЎзР ФА президенти Б.Йўлдошев ташаккурини етказиб, бугун жамоа олдида жуда катта вазифалар қўйилганини таъкидлади.

Йиғилиш раиси бугунги қўшма йиғилиш кун тартибига ташкилий масала қуйилганини айтиб, Хоразм Маъмун академиясига раислик қилиб келган Ш.Кадиров 20 октябрь 2017 йилдан ўз аризасига кўра вазифасидан озод қилингани ҳамда Урганч давлат университети илмий ишлар проректори лавозимида фаолият олиб борган И.Абдуллаев 23 октябрдан Хоразм Маъмун академияси раиси лавзомига киришишини маълум қилди ҳамда бу ҳақда ЎзР ФА президенти Б.Йўлдошев буйруғини ўқиб берди.

Шундан сўнг йиғилиш раиси ЎзР ФА вице-президенти И.Ю.Абдураҳмоновга сўз берди.

И.Абдураҳмонов ўз сўзида Хоразм Маъмун академиясининг кейинги даврлардаги ютуқларини эътироф этиб, шу билан бирга ечимини кечиктириб бўлмайдиган муаммолар ҳам борлигини таъқидлади. Биринчидан, муассасининг кадрлар билан боғлиқ муаммосини ҳал қилиш керак. Академияга юқори илмий салоҳиятли кадрларни жалб қилиш, бу борада Урганч давлат университети кучидан фойдаланиш, шу билан бирга муассаса зарур кадрларни ўзи тайёрлаб етиштириши шартлигини уқтирди. Бугун Фанлар академияси тизимида уйғониш даври, бу даврдаги имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиш зарур. Кейинги даврда тизимга оид 20 дан ортиқ ҳукумат қарори чиққани, 9 ИТИнинг қайта тиклангани, Навоий бўлимининг ташкил топгани алоҳида айтиб ўтилди.

Иккинчисидан, муассасанинг чет эллар билан алоқасини юқорига даражага чиқариш керак. Бу борада аниқ таклиф ва амалий натижалар зарур. Хусусан, термитларга қарши кураш борасида Хоразм Маъмун академияси етакчилиги эътироф этилади. Республикада фақат ушбу илмий муассаса термитларга биологик усулда қарши курашяпти. Қишлоқ хўжалиги борасида йўналишларни ривожлантириш керак. Хусусан, селекция ишларига алоҳида эътибор зарур. Шу билан бирга математика, архелология борасида эътиборли ишлар амалга ошгани қайд этилди.

Лабораториялар ишларини яхшилаш, жиҳозлаш ишларини талаб даражасида шакллантириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, И.Абдураҳмонов қуйидаги масалалар ҳусусида гапирди:

  1. Хоразм Маъмун академияси Илмий кенгаши таркибини такомиллаштириш. Унга Фанлар академияси Президуими ҳамда Урганч давлат университетидан вакиллар жалб қилиш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш.
  2. Муассаса таркибий тузилмасига зарур ҳолларда айрим ўзгартиришлар киритиш.
  3. Хоразм Маъмун академиясида тренгинг марказ ташкил этиб, унга масъул ходим белгилаш.
  4. Манбашуносликни ривожлантириш.
  5. Бошқа жойларда, хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хоразмлик олимларнинг академияга ташрифини уюштириш, уларнинг илмий салоҳиятидан жамоа манфаатлари учун фойдаланиш. Бу борада А.Қаюмов амалий ёрдам кўрсатишга ваъда берди.
  6. “Мен Хоразм Маъмун академияси учун нима қилдим?” акциясини ўтказиш ва ходимларни рағбатлантириш.
  7. Ўз Р ФА Ахборотномасининг Хоразм Маъмун академиясига бағишланган махсус сонини рус ва инглиз тилларида чоп этиш.

Йиғилиш савол-жавоблар, музокара шаклида ўтди. Музокараларда академик А.Садуллаев, Ш.Кадиров, А.Заргаров, З.Ражабов, А.Жуманиёзовлар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳаза, таклифларини билдирдилар.

 Шу билан кенгайтирилган йиғилиш ўз ишини якунлади.