Xorazm Ma'mun akademiyasi

Хоразм Маъмун академиясида халқаро конференция

28-09-2017     So'nggi yangiliklar

 

Хоразм Маъмун академиясида “Конденсирланган муҳитлар физикасининг янги ютуқлари: Квант транспорти, топологик эффектлар ва паст ўлчамли тизимларда энергияни бошқа турга айлантириш” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Урганч давлат университети ва Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида ўтказилаётган халқаро анжуманда АҚШ, Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Греция, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби 20 дан ортиқ давлатдан 50 дан зиёд олим иштирок этмоқда.

Конференцияда замонавий конденсирланган муҳитлар физикаси соҳаси муаммолари ва унинг истиқболлари, соҳа ютуқларини илғор инновацион материаллар яратиш, ресурс тежамкор технологиялар ва муқобил энергетика соҳаларида қўллаш масалалари муҳокама қилинади. Анжуманда ресурс тежамкор материаллар, юқори самарадорликка эга учинчи авлод қуёш элементлари, муқобил энергетика учун истиқболли материаллар, наноэлектроника, квант информатикаси ҳамда замонавий нанотехнологияларнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилади. Конференция ишига конденсирланган муҳитлар физикаси, материалшунослик ҳамда муқобил энергетиканинг долзарб муаммолари бўйича маърузалар тақдим этилмоқда. Иштирокчилар юксак даражада ташкил этилган конференция илм-фанни ривожлантириш йўлидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Конференция баҳона жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар юртига келганимдан бахтиёрман, – дейди германиялик олим Рейнхолд Эггер. – Ушбу анжуманннинг Маъмун академиясида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Конденсирланган муҳитлар физикаси соҳасининг бош масаласи органик материаллар ва углевод нанозарралари асосида қуёш элементларини яратишдан иборат. Ўйлайманки, мамлакатингизда арзонлигидан ташқари, юқори даражадаги енгиллик, ихчамлик, эгилувчанлик ва экологик хавфсизликка эга бўлган қуёш элементларини яратиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон олимларининг салоҳияти ҳам етарли.

Халқаро конференция 28 сентябргача давом этади.