Xorazm Ma'mun akademiyasi

ТУРКИЯЛИК ПРОФЕССОР ХОРАЗМ МАЪМУН АКАДЕМИЯСИДА

03-10-2022     So'nggi yangiliklar

Туркиянинг Кўня шаҳридаги Салжуқ университети профессори, доктор Мустафо Демирчи билан Хоразм Маъмун академиясида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда  Хоразм Маъмун академиясининг бўлим бошлиқлари ва илмий ходимлари иштирок қилишди.  Тадбирда дастлаб академия  раиси, б.ф.д.профессор И.Абдуллаев   Туркия ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги дўстона алоқалар, илму фан бўйича қилинаётган ҳамкорлик ҳақида сўз юритиб, профессор М.Демирчининг илмий фаолияти билан таништирди.

Профессор М.Демирчи ўз сўзида Туркияда илму фан борасида қилинаётган тадқиқотлар,  халқларимиз орасидаги тарихий алоқалар, бу борада турк тарихчилари томонидан яратилган асарлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек профессор М.Демирчи  ўзбек халқининг буюк саркардаси  Жалолиддин  Мангубердининг ҳарбий маҳорати ва жанг санъати,  унинг  Туркия  ҳудудларидаги фаолияти,  ушбу  заминдаги Хоразм номи билан боғлиқ жой номлари , бу бўйича  яратилган турк олимларининг асарлари тўғрисида   ўз фикрларини билдириб ўтди.

Тадбирда  академия раиси, профессор И.Абдуллаев Туркиялик меҳмонни академия бўлимлари, илмий ходимлар томонидан қилинаётган тадқиқотлар  билан таништириб, Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигига кўрилаётган тайёргарлик  ва “Жалолиддин Мангуберди   энциклопедияси”ни  яратиш бўйича амалий  ишларнинг бориши бўйича  маълумотлар берди.

Учрашувда профессор М.Демирчи  ўзининг  Жалолидддин Мангуберди тўғрисида  Туркияда нашр этилган китобини Хоразм Маъмун академиясига совға қилди. Тадбир якунида  профессор М.Демирчи   ҳамда академия раиси И.Абдуллаевлар  Салжуқ университети билан  Хоразм Маъмун  академияси  ўртасида қилинадиган ўзаро ҳамкорлик, илмий алоқаларни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.