Хоразм Маъмун академияси

ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИ – БЕБАҲО ҚАДРИЯТ

05-12-2021     So'nggi yangiliklar

Маълумки, ҳозирда биз глобаллашув, интеграциялашув жараёнлари шиддат билан кечаётган бир даврда яшамоқдамиз. Албатта, бу жараёнларнинг тезлашувига технология, айниқса, интернет тармоғининг ривожланиши асосий омил бўлиб хизмат қилди. Ушбу интеграция жараёнларида ҳар бир халқ ўзининг ўзига хос қадриятларини асраб-авайлаши ҳамда келгуси авлодга етказиши бугунинг долзарб маслаларидан саналади.

Шу жиҳатдан ҳам бугунги кунда миллий ўзлигимизни, қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда уларни ривожлантириш масалалари  мамлакатимизда амалга оиширилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Хусусан, Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳам бу борада самарали ишлар олиб боришмоқда. Академиянинг Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими кичик илмий ходими Умрбек Махмудов томонидан халқимизнинг кўп асрлик қадрияти ҳисобланган халқ ўйинлари ва уларнинг тарихи, жамиятда тутган ўрни борасида тадқиқотлар олиб бормоқда. Тадқиқот обеькти сифатида Хоразм вилояти белгилаб олинган бўлиб, ҳозирда йўқолиб кетган ёки бўлмаса йўқолиб кетиш арафасида тураётган халқ ўйинлари тўғрисида илмий адабиёт ҳамда дала тадқиқотлари асосида изланишлар олиб борилмоқда. Тадқиқотнинг ўзига хос янгилиги - бугунги кунга қадар Хоразм халқ ўйинлари борасида алоҳида изланишлар олиб борилмаганлигидадир.

 

Тадқиқот давомида воҳада қадимий ўйинлари сифатида ўйналиб келинган Пачиз, Подшо-вазир, Олтин қобоқ (қовоқ), Кўк бўри, Шириннаввот каби қадимий халқ ўйинлари бўйича қимматли маълумотлар тўпланди. Ушбу ўйинлар асосан ўтган асрнинг 40-70 йилларига қадар ўйналган ва бугунги кунга келиб эса ушбу ўйинлар унутилиш арафасига келиб қолган.

Юқоридаги келтирилган ўйинлар асосан халқ сайилларида ҳамда тўй, зиёфатларда халқ томонидан севиб ўйналган. 

Пачиз ўйини – нарди ўйинига ўхшаб кетади. Ўйин асосан йигитлар томонидан зиёфатларда ўйналган. Ўйин Пачиз дастурхони ҳамда чиғаноқлар орқали ўйналган. Ўйинда асосан 2 ёки 4 иштирокчи қатнашган. Ўйин охирида ғолиб томон мағлуб томондан турли хил шартларни бажаришни талаб қилган.

Пачиз дастурхони. Хива Ичанқалъа музей-қўриқхонаси Хоразм амалий санъат музейида сақланаётган экспонат.

Подшо-вазир ўйини ўйинда  тўртта иштирокчи турли хил образлар – подшо, вазир, сўфи ҳамда ўғри сифатида қатнашган. Ўйин ошиқ ёрдамида ўйналган. Ошиқ сўйилган қўйнинг кейинги икки оёғи тиззаси бўғимидан ажратиб олинган суяк ҳисобланган. Ўйин саҳнавий кўриншга эгалиги билан бошқалардан ажралиб турган.

Ошиқ.

Олтин қобоқ (қовоқ) - мерганлик ўйини ҳисобланган. Олтин кобок ўйини одатда катта сайилларда, тўйлар даврасида ташкил этилган. Ўйин ташкил этишда беш-олти метрлик узун ёғочдан тўрттаси бир-бирига улаб боғланади, сўнг кўтарилиб учига қўйнинг орқа оёғидан олинган ошиқ ёки танга пул ип билан боғланади. Шу боғланган ошиқ ёки танга пулга “олтин кобок” дейилади. Олтин кобокка қадимдан ўқ-ёйдан ўқ узганлар, кейинчалик милтиқ ихтиро қилингач, милтиқдан ўқ узганлар. Олтин кобокка ўқ теккизган кишига от ёки туя берилган. Олтин кобокни уриш учун мерганлар саф тортиб турганлар ва навбати билан ўқ узганлар.

«Кўк бўри» -  ўйини ҳам Хоразмда машҳур ўйинлардан ҳисобланган. Бу ўйинни ташкил қилишда бир эчкининг бўйни кесилиб, қони
оқизилгандан кейин яна бўйни ип билан тикиб қўйилади.
Эчки майдонига ташланади. Ўйинга  қатнашмоққа келган отлиқ чавандозлар аввал даврани уч айланиб от чоптирадилар. От чоптиришда оти ўзган чавандоз «Кўк бўри»ни от устида эгилиб олиб қочади.
Унинг кетидан етиб борган бошқа отлиқ чавандозлардан бири «Кўк бўри»ни тортиб олади. Шундай қилиб галма-гал бир-биридан «Кўк бўри»ни тортиб олиб қочиб ўйнайдилар.

Шириннаввот ўйини – ушбу ўйин халқ сайилларида ўйналган. Ўйинда йигит ва қизлар алоҳида гуруҳ бўлиб қатнашганлар. Ўйин айвони бор ҳовлида ўтказилган. Йигитлар айвон томига чиқиб арқонга боғланган қовунни пастга қизлар томонга туширишган. Ўйин шартига кўра қизлар қовунни илиб олиши керак бўлган. Ўйин охирида қайси тараф ғалаба қозонса мағлуб томонни турли хил шартларни бажаришни талаб қилишган.

Юқоридаги каби бир биридан қизиқарли ва томошабоп халқ ўйинлар ҳар қандай даврага кўтаринки кайфият улаша олган.

Халқ ўйинлари бугунги кунда халқимизнинг ноёб мероси ҳисобланади. Халқ ўйинлари фақат давраларга хурсандчилик улашиш учун эмас, балки иштирокчилар ва томошабинларни зийраклик, чаққонлик, курашувчанлик ва иродавий хислатларни, ҳалоллик каби фазилатларни шакллантириш ва ривожлантиришга билан аҳамиятли ҳисобланади.