Хоразм Маъмун академияси

ҚАДИМИЙ ХИВАНИНГ МИНОРАЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА!

23-11-2021     So'nggi yangiliklar

Фанда қадимий Хоразм меъморчилигида муҳим аҳамиятга эга бўлган миноралар тиклашда қўлланилган муҳандислик усуллари махсус тадқиқ қилинган эмас. Хива миноралари В.Л.Воронина, В.Булатова, И.И.Ноткинлар томонидан умумий меъморий ёдгорликлар мажмуаси таркибида ўрганилган. Бу ўрганилган ишларни минора меъморий тузилиши, қурилмалари, зилзилабардошлик масалалари нуқтаи назардан етарли дейиш қийин, ҳамда энг асосийси ушбу минораларнинг ер остки қисмлари – замини ва пойдеворлари ўрганилмаган. Бу эса ўз навбатида қадимий минораларни тиклашдаги фанга номаълум қонуниятларни, анъанавий тамойиллар ва принципларни жиддий тадқиқ этишни талаб этади. Айниқса, на фақат Хивадаги минораларнинг балки мамлакатимиздаги мавжуд бўлган кўпчилик минораларнинг қурилганидан шу давргача ер остки қисми, яъни унинг замини ва пойдевори қандай ишланганлиги бўйича умуман илмий тадқиқот иши бажарилмаган ва бу бўйича биронта манбаларда ҳеч қандай маълумотлар берилмаган.
Ушбу мавзу доирасида илк маротаба қадимий Хоразм меъморчилигида алоҳида аҳамиятга эга бўлган Хива минораларининг қурилиш усуллари, меъморчилик композицияси, қурилиш ашёлари, бунёд этилиш тарихи, ер устки ва ер остки қисмларининг қурилмалари илмий изчилликда ҳамда чуқур таҳлил қилинмоқда. Айнан, Хоразм Маъмун академиясининг 2-босқич докторанти Кахрамон Сабуровнинг “Жаҳонга машхур Хива минораларининг барқарорлигини таъминлаш мезонларини ишлаб чиқиш” илмий мавзуси бўйича қадимий миноралар тиклашнинг умумий қонуниятлари, турли индикаторлари бўйича ўзига хос хусусиятлари ўрганилмоқда.

Хоразм Маъмун академиясининг “Жанубий Оролбўйи тарихий меъморий ёдгорликларининг қурилиш материалларини синаш ва таъмирлаш лабораторияси” илмий ходимлари томонидан шу кунларда Хива шаҳрининг қадимий минораларининг (Бикажон Бика мадрасаси, Шайх Мавлон бобо, Шохимардон мажмуасидаги) ер остки ва ер устки конструктив ҳолатларини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда. Миноралар техник ҳолати бўйича инновацион маълумотлар базасини шакллантирилди, айнан база бўйича замонавий “Auto CAD” дастурида 3 ўлчамли объектни “3 ds Max” дастури орқали яратиш бўйича мақтовга сазовор амалий ишлар якунланмоқда.
“ХИВА МИНОРАЛАРИ БЎЙИЧА МАЪЛУМОТЛАР БАЗАСИ” мавзусидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Интелектуал мулк агентлигига тақдим қилиш учун тайёрланди. Шунингдек, Хивадаги қайси тарихий обида бўйича илмий тадқиқот ўтказилмасин паралелел равишда тадқиқотчи Бекзод Худайбергановнинг ҳам ёғоч конструкцияларнинг турли хусусиятларини ўрганишга доир мониторинг  кузатув ишлари ҳам давом этмоқда.