Xorazm Ma'mun akademiyasi

ХИВА ШАҲРИДА ХАЛҚАРО ФОРУМ

16-09-2021     So'nggi yangiliklar

2021 йил 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизацияси чорраҳасида” халқаро маданият форуми бўлиб ўтди. Форумда ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан “Туркий дунё маданият пойтахти” деб эълон қилинган Хива шаҳрига барча туркий давлатлардан ҳамда бошқа мамлакатлардан уч юз нафардан зиёд олимлар, маданият ва санъат номояндалари ташриф буюрди.

Халқаро форум доирасида тўртта шўъбада бўлиб ўтган конференцияларда Марказий Осиё меросининг ривожланишида савдо, илмий ва амалий алмашувлар ҳиссаси ҳақида фикр юритилди. Марказий Осиё халқлари маданий ва илмий меросининг бошқа халқларга таъсири, замонавий ижтимоий ва гуманитар фанлар ривожига қўшган ҳиссаси, минтақада мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, иштирокчи олимлар COVID-19 пандемияси шароитида Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга қарши курашишда ижтимоий ва гуманитар фанлар орқали ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

Қолаверса, форумда ҳозирги глобал ўзгаришлар даврида туркий халқларга хос анъаналар,  миллий қадриятлар бардавомлигини сақлаш ва ўзаро маданий алоқаларни кенгайтириш орқали қардош халқлар санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида фойдали мулоқотлар бўлиб ўтди. Мазкур форумда Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳам фаол иштирок этди.