ХОРАЗМ МАЪМУН АКАДЕМИЯСИНИ ҚАЙТАДАН ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантириш, қадимда фан, маърифат ва маданият оламининг маркази ҳисобланган, одамзот тарихидаги илк академиялардан бўлмиш Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш мақсадида:
Хоразм Маъмун академиясининг асосий илмий ва ташкилий вазифалари қуйидагилар деб белгилансин:
— илм-фан соҳасидаги қадимги улуғ миллий мерос асосларида юқори интеллектуал муҳитни яратишдаги бой анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, ёш истеъдодли олимларни излаб топиш, уларни Академия фаолиятига жалб этиш ва илмий ижодларининг самарадорлигини юксалтириш;
— қадимги миллий илм-фан соҳасидаги бой меросни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш, тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва био-технология соҳаларида фундаментал изланишларни олиб бориш, замонавий илмий мактаблар яратиш ва фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш;
— минтақада илм-фан билан боғлиқ барча ишларни замон талаблари даражасида мувофиқлаштириш;
— олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
— Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишда фаол иштирок этиш, узлуксиз таълим тизими ва фан ўртасидаги узвий, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, академик лицейларда илмий-педагогик фаолиятни юқори савияда олиб бориш;
— халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш.
— Хоразм Маъмун академияси таркибида тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология йўналишлари бўйича илмий бўлинмаларни ташкил этсин, икки ҳафта муддатда Хоразм Маъмун академиясининг тузилмаси ва Уставини тасдиқласин;
— бир ой муддатда Хоразм Маъмун академиясининг асосий илмий йўналишлар ҳамда илмий-тадқиқот ишларининг дастурини ишлаб чиқсин;
— бир ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда Хоразм Маъмун академияси штат жадвалини, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда унинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларнинг ҳисобини тайёрласин;
— 1998 йилнинг биринчи чорагида ўз Уставига мувофиқ устувор илмий йўналишлар соҳасида самарали ишлаётган олимлардан Хоразм Маъмун академияси таркибига сайлов ўтказсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 11 ноябрь,
ПФ-1880-сон