Хотира ва қадрлаш куни

admin | 20-05-2020 | 170

2020 йил 8 май куни "Хотира ва қадрлаш куни" ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб, Урганч давлат университети, Хоразм Маъмун академияси ва Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими ҳамкорлигида “Ҳеч ким ҳеч қачон унутилмайди” номли онлайн илмий анжуман ўтказилди. Хоразм маъмун академияси бўлим раҳбари PhD М.Абдуллаев модераторлигида ўтган илмий анжуманда Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари, магистрантлар ва талабалар, Хоразм Маъмун академияси илмий ходимлари ва Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлимининг мутахассислари иштирок этишди.
Илмий анжмуанни Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор, т.ф.д. С.Р.Давлетов очиб берди. У ўз сўзида ўзбекистонликларнинг, жумладан хоразимликларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси, ота-боболаримизнинг қаҳрамонликларини ёшларни тарбиялашдаги ўрни ва уруш қатнашчиларига давлатимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ҳақида гапирди. Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими бошлиғи Б.М.Абдиримов вилоятимизда яшаётган 27 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисига Давлатимиз раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.
Анжуманда Тарих кафедраси профессор-ўқитувчиларидан доц. С.Наврузов, катта ўқитувчилар Х.Артиқов ва У.Хўжамуратовлар маъруза қилдилар. Талабалар бир қатор саволлар бердилар ва қониқарли жавоблар олдилар. Илмий анжуман қизғин баҳс-мунозаларига бой ўтди.

 

 

So'nggi yangiliklar