Хорезмская академия Маъмуна

Хотира абадий, жасорат мангу!

10-05-2022     Новости

Урганч Давлат университети доценти, УрДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Ю.Рахманова

Хоразм Маъмун академияси кичик илмий ходими Ф. Жуманиязова

XX аср инсоният тарихида машъум из қолдирган иккинчи жаҳон уруши миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Бу уруш мамлакат кундалик турмуш тарзини ўзгартирди, инсон ва моддий ресурсларни сафарбар қилишни талаб қилди. 1941-1945 йиллар бутун мамлакат учун катта синовга айланди. Босқинчилар устидан қозонилган ғалаба собиқ совет халқининг мисли кўрилмаган жасорати ва қаҳрамонлиги натижаси эди. Аёллар ҳам умумий ғалабага ҳисса қўшишди.

Ўзбекистон аёллари жумладан Хоразм хотин-қизлари иккинчи жаҳон уруши йилларида ўлмас жасорат кўрсатиб, душманни мағлуб этиш, мудофаа фондини яратиш, фронтни зарур нарсалар билан таъминлаш учун ўз кучларини аямадилар. Мамлакат мудофаа фонди учун маблағ йиғиш, босқинчилардан жабр кўрган аҳоли учун озиқ-овқат, кийим-кечак тайёрлаш ишларини олиб бордилар.

      Хоразм хотин-қизлари уруш жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиш, ҳамширалик иши, ҳарбий хизматчилар оиласи ва депортация қилинган аҳолига ғамҳўрлик қилиш, фронт учун совғалар, ватанпарварлик мактублари жўнатиш, фронтда делегациялар билан иштирок этиш, ватан ҳимоячиларини маънавий қўллаб-қувватлаш ишларини олиб бордилар ва жангчиларни жанговар жасоратларга илҳомлантирдилар.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида хотин-қизлар қийинчиликлар ва машаққатларга қарамасдан, жамият ҳаётининг турли соҳаларида муайян ишларни амалга ошириб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳаларда муҳим ютуқларни қўлга киритдилар.

Хоразм хотин-қизларининг ватанпарварлик ҳаракати ихтиёрий равишда фронтга кетиш ҳақида ҳарбий комиссариатларга тушган аризалардан ҳам намоён бўлди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ Хоразм вилояти ҳарбий комиссариатига ихтиёрий равишда фронтга юбориш ҳақида 47 нафар аёллардан ариза тушди. Хоразм хотин-қизларидан ҳамширалар тайёрлаб фронтга жўнатилди.

Халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлаётган эркакларнинг аксарият қисми фронтга сафарбар қилинганлиги боис урушга кетган жангчилар ўрнини ишлаб чиқаришда ўспиринлар, қариялар ва аёллар эгаллай бошладилар. Фақат 1941 йилда вилоят саноат корхоналарида 1213 хоразмлик аёл жалб қилинди.

Улар фронтга кетган акалари, оталари ва эрлари учун мардонавор ишлаб, кунига 2-3 норма бажардилар. 1941 йил вилоят саноат корхоналари йиллик режани 105 фоизга уддаладилар. Қишлоқда ҳам бутун меҳнат оғирлиги ўсмирлар, аёллар ва қариялар зиммасига тушди.

Ватанпарварлик ҳаракати “фронтга кетган эрларимиз, акаларимиз, ўғилларимиз учун меҳнат қиламиз” шиори остида давом этди. Фронтга кетган тракторчилар, механиклар ва техниклар ўрнини аёллар ва ўспиринлар эгаллай бошлади.

1941-1942 йиллар мобайнида 3000дан ортиқ аёл тракторчилар тайёрланди, 97 аёл раҳбарлик лавозимига тавсия этилди. 18 нафар аёл қишлоқ кенгаши раиси лавозимига, 8 нафари колхоз раиси, 358 нафари колхоз раиси муовини, 28 нафари бригада бошлиғи, 8146 нафари звено бошлиғи лавозимларида ишладилар.

Хоразм аёллари уруш жанггоҳларида ҳам жасорат намуналарини кўрсатдилар. Хоразмлик ўзбек қизи Роза Иброҳимова разведкачи сифатида фаолият олиб бориб, Берлинни ишғол қилиш учун бўлган жангларда иштирок этган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Хоразм хотин-қизлари томонидан амалга оширилган ишларни, ўша давр ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ ҳужжатлар асосида етказиш, уларни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялаш борасида илмий тадқиқотлар, чуқур изланишларни тақозо этади. Хоразм хотин-қизларининг уруш даврида фронт ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама акс эттирадиган илмий-тадқиқот иши шу пайтга қадар бажарилмаган.

 Иккинчи жаҳон уруши йилларида Хоразмда юз берган ўзгаришларни тадқиқ этиш тарихий воқеликни минтақа ва минтақалараро даражасида кўриш ва ҳар томонлама баҳолаш имконини беради, бу эса мавзунинг халқаро миқёсда долзарблигини кўрсатади.

Юқорида белгиланганидек, халқимизнинг хусусан Хоразм хотин-қизларининг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага қўшган ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш мазкур мавзунинг ўрганилиш заруриятини тақозо этади ва долзарб аҳамиятга эга.

Хусусан, Хоразм Маъмун академияси тадқиқотчилари, Урганч Давлат университети олимлари ҳам бу борада самарали ишлар олиб боришмоқда. Академиянинг Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими кичик илмий ходими Жуманиязова Фируза томонидан “Иккинчи жаҳон уруши йилларида Хоразм хотин-қизлари ҳаёти ва фаолияти” мавзусида тадқиқотлар олиб бормоқда. Тадқиқот объекти сифатида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Хоразм хотин-қизларининг фаолияти белгилаб олинган бўлиб, ҳозирда Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси архив фонди, Хоразм вилояти Давлат архиви, Янгибозор, Хива, Хонқа туманлари Давлат архивлари фондлари, Хоразм вилояти ҳокимлиги архив фонди ҳужжатларини ўрганиш асосида изланишлар олиб борилмоқда.

Тадқиқотнинг ўзига хос янгилиги - бугунги кунга қадар Хоразм хотин-қизларининг иккинчи жаҳон урушига қўшган жасоратлари борасида алоҳида изланишлар олиб борилмаганлигидадир.

 Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг хоразмлик ботир фарзандлари ҳам Ватанни ҳимоя қилишга чоғландилар.

 Шу вақтгача иккинчи жаҳон урушида иштирок этган хоразмликлар сони 67 300 нафардан ошиқ деб кўрсатилган бўлса кейинги тадқиқотлар қуйидаги янгиликларни қўлга киритди: Гурлан туманидан 9791 нафар, Хазорасп туманидан 20822 нафар, Қўшкўпир туманидан 14545 нафар, Янгиариқ туманидан 11533 нафар, Урганч шаҳридан 14641 нафар, Урганч туманидан 7506 нафар, Хивадан 16886 нафар, Боғот туманидан 5109 нафар, Шовот 14451 нафар, Янгибозор туманидан 416 нафар, Хонқа туманидан 16005 киши - жами 131705 киши иккинчи жаҳон уруши фронтларида ўз ватани тинчлиги учун жонларини хатарга қўйиб курашдилар. Бу рақамлар ичида албатта хоразмлик хотин-қизларни ҳам алохида ўрни бор. 2963 нафар инсон жанг майдонларида кўрсатган жасоратлари учун орден ва медаллар билан мукофотланди. 32 нафар хоразмлик «Шуҳрат» ордени билан тақдирланди, 4 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди. билан биргаликда жасур хотин-қизлари Шу қаҳрамонлар ичидан бир нафари аёл кишидир.

Архивларда олиб борилаётган тадқиқотлар давомида вилоят хотин-қизлари фронтга жалб қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, аёлларга тегишли хисоб варақалар, туманлардан урушга кетган 200 нафарга яқин аёлларнинг исм шарифлари ва фронтдаги ҳизмат вазифалари, асосий қисми 16-18 яшар қизлардан иборат бўлган қурилиш батальонларига кетган хотин-қизлар тақдири ҳамда меҳнат фронтига турли хил касбларда ишлаб қўшган ҳиссалари бўйича қимматли маълумотлар тўпланди. Ҳозирда тадқиқодчи томонидан туманлар кесимида вилоятдан иккинчи жаҳон урушига кетган аёлларнинг шаҳсий ҳужжатлари ўрганилмоқда.