Khorezm Mamun academy

ФАНГА АВЕСТИЗМЛАР ТУШУНЧАСИ КИРИТИЛДИ

24-09-2020     Nouvelles

Хоразм Маъмун академияси кичик илмий ходими Махмудов Рауфжон Баходирович 2020 йил 23 сентябрда академия грант раҳбари, филология фанлари доктори Ўразбоев Абдулла Дурдибоевич илмий раҳбарлигида филология фанлари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун “Ўзбек тилида авестизмлар” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти шундаки, изланишда ― Авестога оид ва бугунгача ўзбек тилида сақланиб қолган луғавий бирликларнинг ўзига хосликлари таҳлил қилинган бўлиб, бу жараённинг айрим жиҳатлари тилшуносликнинг энг сўнгги ютуқлари асосида ўрганилган, луғавий бирликларда содир бўладиган ҳодисалар ва уларни юзага келтирувчи омиллар ҳақидаги илмий қарашлар баён этилган.

Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти шундан иборатки, ўзбек тили лексикасининг шаклланиш жараёни, унда авестовий-хоразмий қатламнинг ўрни субстрат қатлам ва унга хос бирликларнинг лисоний табиати ҳамда ўзига хосликлари ҳақидаги қарашлар лексикология, тил тарихи, диалектология, этнолингвистика каби фанлардан яратиладиган дарслик ва қўлланмаларнинг мукаммаллашувига хизмат қилади, шунингдек, диссертацияда тадқиқ килинган материаллар ўзбек тили этимологик луғатини яратишда асосий манба бўлиб хизмат қилади

Тадқиқотчи ва илмий раҳбарни самимий қутлаймиз ва илмнинг бундан-да юксак чўққиларини эгаллашида омадлар тилаймиз!