Khorezm Mamun academy

Хоразм Маъмун академияси археологлари экспедицияси давом этмоқда

08-10-2021     Noticias

Хоразм Маъмун академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимининг археолог олимлари Кат-қалъа ёдгорлигининг ғарбий қисмида навбатдаги изланишларни давом эттирдилар. Айни пайтдаги изланишлар ёдгорликнинг  маркази ва ғарбий қисмида олиб борилди. Изланишлар натижасида йирик монолитли платформа қолдиқлари ўрганилмоқда. Платформа асосан, 40х40х10, 41х41х10 см ҳажмдаги хом ғиштлардан тикланган бўлиб, унинг қолдиқлари 28х14 м майдонда кузатилади. Бу ердан асосан, милодий 3-4 асрларга оид сопол қолдиқлари аниқланмоқда. Қалъа марказидаги шурфда илк антик (милоддан аввалги IV-III асрлар) даврга  тегишли қатламлар билан бирга сўнгги антик даврга оид (милодий II-IV асрлар) турар-жойлар қолдиқлари аниқланиб ўрганилмоқда. Илк антик давр қатламларида сопол буюмлар қолдиқлари, шунингдек, шу даврга оид сопол идишлар орасида милоддан аввалги V асрга оид топилмалардан муҳими манжетсимон гардишли архаик хумлар қўлга киритилди. Ушбу топилмалар шаҳарнинг барпо этилиши билан боғлиқ маълумотларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Бизга маълумки бундай идишлар турлари милоддан аввалги VII-V асрларда нафақат Хоразм, балки бутун Ўрта Осиёдаги тарихий ҳудудларда кенг тарқалган.

Топилмалар орасида сопол ҳайкалча ўзининг нафис ишланганлиги билан ажралиб туради. Сопол ҳайкалча тасвири, ундаги қиёфа кўриниши аниқ тасвирланган. Бундай типдаги ҳайкалчалар Хоразм ёдгорликларининг илк антик давр қатламларида кўплаб учрайди.

Шундай қилиб, мавжуд материалларнинг таҳлили платформани милодий II-IV асрларга таллуқли деган фикрни илгари суришга имкон беради ва бу ёдгорликда антик даврнинг сўнгги босқичлари ва эҳтимол, илк ўрта асрларнинг бошларида ҳам ҳаёт тарзи фаол давом этганлигини кўрсатишга имкон беради (милодий IV аср – V аср бошлари). Платформанинг тўлиқ режалаштирилиши ва вазифаси ҳали аниқ ҳал этилмаган. Эҳтимол, платформа диний маросимлар ўтказиш билан боғлиқ хусусиятга эга бўлган бўлиши мумкин. Шу билан бирга сўнгги архаик давр сополларининг топилиши бу ерда антик давргачаёқ манзилгоҳ мавжуд бўлганлиги ҳақида янгича қарашни илгари суришга имкон беради. Олиб борилаётган тадқиқотлар ёдгорлик тарихига доир янги маълумотларни тақдим қилмоқда. Мазкур ёдгорликда изланишларни кейинги йилларда ҳам давом эттирилиш режалаштирилмоқда!