Xorazm Ma'mun akademiyasi

ХОРАЗМ МАЪМУН АКАДЕМИЯСИ ОЛИМЛАРИ ИННОВАЦИОН КЎРГАЗМАДА ҚАТНАШАДИЛАР

13-11-2020     So'nggi yangiliklar

Жорий йил 28-29 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган “Фармацевтика ва тиббиёт” соҳаларида инновацион кўргазмасида Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳам қатнашишди. Жумладан, инновацион кўргазмада Табиий фанлар бўлими катта илмий ходимлари Умарбек Абдурахимов ва Фарход Жуманиязовлар Хоразм Маъмун академияси тасарруфидаги ПЗ-2017092435 шифрли “Хоразм вилояти шароитида доривор ўсимликларни етиштириш ва улар асосида биологик фаол қўшимчалар олиш” лойиҳаси доирасида олинган натижалар асосида яратилган “Хива” бальзами фитопрепарати, “Маъмуншох” ва “Туз ва тош ҳайдовчи” фиточойлари билан иштирок этишди. Лойиҳа бўйича маданийлаштирилган истиқболли ўсимликлардан тукли эрва, доривор тирноқгул, туркистон арслонқуйруғи, дағал далачой ва кийик ўти каби доривор ўсимликлар Хоразм Маъмун академияси экспериментал базаси шароитида экилиб, уларнинг морфо-физиологик ва биокимёвий хусусиятлари ўрганилган ва улар асосида асосида янги биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқилган. Ўтказилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида 3 та турдаги дори препаратларининг намуна вариантлари (“Хива” бальзами фитопрепарати, “Маъмуншох” ва “Туз ва тош ҳайдовчи” фиточойлари) ишлаб чиқилган. Ушбу дори воситалари профилактик препарат сифатида тавсия қилиниб, ўзининг таркибида Хоразм Маъмун академиясининг доривор ўсимликлар боғида етиштирилган 20 га яқин доривор ўсимликлар сақлайди. Ушбу фитопрепарат ва фиточойлар асосан организмни умумий тетиклаштирувчи, тинчлантирувчи ҳамда организмни турли зўриқиш ҳолатларга нисбатан чидамлилигини оширувчи ва иммун-системасини мустаҳкамловчи, ошқозон-ичак иш фаолиятларини яхшиловчи қўшимча озуқа сифатида тавсия қилинади. Организмда моддалар алмашувини, шунингдек ошқозон-ичак-жигарнинг иш фаолиятини яхшилаш хусусиятларига эга.

Келгусида лойиҳа бўйича ўтказилган илмий – тадқиқот натижалари асосида Хоразм вилоятида иқлимлаштирилган доривор ўсимликларлар асосида экологик тоза, хавфсиз ва арзон профилактик фитопрепаратлар яратилиб ишлаб чиқаришга жорий қилинади ҳамда фармацевтик корхоналар учун хомашё захираси тайёрлаш имконияти яратилади. Шунингдек, республикамиздаги соғлиқни сақлаш тармоқларини доривор ўсимликлар хомашёси ва ўсимликларга мансуб дори-дармонлар билан таъминланади ва тиббиётда қўлланиладиган доривор ўсимликлар арсенали кенгайтирилади.