Xorazm Ma'mun akademiyasi

Коронавирус пандемиясини енгиб ўтишда илмий ёндашув зарур

25-04-2020     So'nggi yangiliklar

Инсон саломатлиги жамият бойлигидир. Оқил ва одил халқимиз “Соғлом танда соғлом ақл” деган иборани бежиз айтмаган. XXI аср иккинчи ўн йиллигида инсоният COVID-19 деб номланган пандемия билан юзма-юз келди-ки, у жаҳоннинг деярли барча мамлакатларда тез суръатларда тарқалиб бўлди.

Жаҳон афкор оммаси ХХ аср ўрталаридан глобал жамиятга қадам қўйиб барча муаммоларни халқаро ташкилотлар базасидан туриб биргаликда ҳал қилишга қадам қўйди. Глобализм, яъни жамиянинг ижтимоий – иқтисодий ривожланишида жуда катта муаммоларнинг ечимини берди, қатор минтақалар, масалан Европа Иттифоқи, МДҲ, АСЕАН каби ташкилотлар бир эмас кўплаб мамлакатларнинг иқтисодий-сиёсий маконда уйғунлашувига ва юқорида таъкидланганганидек, ҳамжиҳатликда, барқарор ривожланиш тамал тоши бўлди. Аммо, интенсив ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик, ҳудудий очиқлик,  транс чегаравий муаммолар инсониятни  COVID-19 каби эпидемик касалликлар олдида ожиз қилиб қўйди. Коронавирус қисқа муддатда жаҳоннинг 170 дан ортиқ мамлакатига тарқалди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бу вирус респиратор инфекция нафас олиш аъзолари касаллиги бўлиб, у ўпканинг ҳозирча аниқ давоси бўлмаган касаллигини келтириб чиқармоқда ва тезкор ҳолатда бемор бошқалардан ажратилиб интенсив терапия билан даволанишни талаб қилмоқда. Коронавирус аксириш ёки йўталиш пайтида ҳавога чиқариладиган жуда майда тупук томчилари орқали юқади. Бундан ташқари, COVID-19 ни қаттиқ юза – масалан эшик тутқичидан юқтириш мумкин. Маълумотларга кўра, инфекция қоғоз ва пластик юзада энг узоқ вақт давомида сақланиши мумкин – 5 кунгача. Шунингдек, у 4 кунгача ёғоч ҳамда шиша юзада, алюминий юзаларда 2 соатдан 8 соатгача, жарроҳлик қўлқопларида 8 соатгача, темир сиртларда 48 соатгача сақланиши қайд этилган.

COVID-19 иситма, ланжлик ва қуруқ йўтал яна баъзан бурун битиши, тумов, мушак оғриқлари, томоқ оғриғи ва ич суриши аломатлари билан 14 кун давомида пайдо бўлади. Коронавирус аломатларини сезган фуқаро хонадонидан чиқмасдан тез тиббий ёрдам ёки поликлиника шифокорига мурожаат қилиши, хусусан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар бериш лозимлиги белгиланган.

Бу вирус илк бора аниқланган Хитойда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одам қанчалик кекса ёшда бўлса, унинг учун коронавирус шунчалик хавфли бўлади. Хитойда коронавирус билан касалланган аҳоли ўртасида ўлим 50 ёшгача бўлганлар орасида 0-1 фоизгача, 55 ёшдан юқорида 4,5 фоизни ташкил этган. Коронавирус билан ҳозирги кунга келиб жаҳон аҳолисининг 2,2 млн. дан ортиғи касалланган бўлиб, унинг ¼ дан ортиғи соғайган, ўлим ҳолати ўртача 6-7 фоизни ташкил этмоқда. Коронавирусга чалинган ва у билан боғлиқ ўлим ҳолатлари тиббиёти ривожланган ва касалликни олдини олиш бўйича ўз вақтида тегишли чоралар кўрилган мамлакатларда, хусусан Ўзбекистонда ҳозирги кунда у атиги 0,3 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда карантин бўйича амалдаги қонунчилик талабларини бузган, ўзида касаллик аломатларини сезса-да, буни яширган, аксинча, кўча-кўйда юриб, коронавирусни бошқаларга ҳам қасддан юқтирган шахслар жиноий, ниқобсиз юрганлар маъмурий-ҳуқуқий жавобгарликка тортилади. Ҳамма жойда ёппасига дезинфекциялаш, оммавий-ахборот воситалари орқали доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолига уйда ўтириш тавсия қилиниб, давлат учун жуда муҳим бўлган бўғинлар барча эҳтиёт чораларга риоя қилинган ҳолда доимий ҳолатда фаолият олиб бормоқда. Бошқа соҳалар, хусусан илм-фан, таълим ва қатор социал хизмат кўрсатиш соҳалари масофадан, таълим жараёнлари интернет, телевидение орқали фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққан. Масжидларда жамоат ва жума намозлари ўқилмайди. Бошқа диний конфессиялар ҳам умумбодатларни тўхтатиб турадилар.

Коронавирус узоқ масофаларга ҳаво орқали тарқалмайди. Таъкидланганидек, бу вирус асосан йўталган ёки аксирган пайтда касал одамнинг оғзидан ёки бурнидан сачраган томчилар орқали юқади. Шу боис мутахассислар томонидан доимо уйдан ташқарига чиққанда тиббий ниқоб тақиб юриш қатъий талаб этилади. Тиббий ниқоблардан турига қараб 20 дақиқадан 3 соатгача фойдаланиш мумкин. Яъни ниқобларни юқоридаги оралиқда алмашлаб туриш ва тозалаб қайта ишлатмаслик ёки кўп марталикни ювиб тозалаб ишлатиш тавсия этилади. Қўлларни доимо совунлаб ювиш ёки дезинфекция қилувчи воситалардан фойдаланиш, ювилмаган қўллар билан оғиз, кўз, бурун ва юзга тегмаслик, одамлар кўп тўпланадиган жойларда эҳтиёт бўлиш, аксириш ёки йўтал пайтида оғиз ва бурунни ёпиш, шамоллаш белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилишдан сақланиш, уй ва ёввойи ҳайвонлардан узоқ туриш тавсият этилади.

COVID-19 инфекциясининг илмий ташхислаш усули, хусусан молекуляр-генетик - ПЗР (полимераз занжир реакцияси) орқали амалга оширилади. Бунда бурун ва томоқдан намуна олинади, шунингдек, врач кўрсатмасига қараб, бошқа таҳлиллар ўтказилади. COVID-19 касллигини Бетакоронавирусларга оид SARS-CoV-2 (илгари 2019-nCoV) деб номланган бир ипли (+) РНК қобиқли вирус келтириб чиқаради. Вирус нафас олиш аъзолари касалликларини келтириб чиқаради. Мутахассислар маълумотига кўра, COVID-19 касаллиги 14 кунгача яширин формада (80%гача) кечади, 15 фоиз ҳолларда енгил формада бўлиб, фақат тахминан 5 фоизида, асосан, иммун тизими заифлашган ва кекса беморларда оғир кечади. Шу боис касаллик оғир кечадиган беморларнинг ҳам 90 фоизи кексалардир

Касаллик ёшга ва иммун тизими мустаҳкамлигига қараб 1-2 фоиздан 4-5 фоизгача бўлган улушда оғир респиратор касаллик-пневмонияга айланади ва беморни сунъий нафас олиш аппаратига уламасдан даволаб бўлмайди.

COVID-19 инфекция яъни юқумли, ҳаводан шамоллаган бемор аксирган сўлак томчилар, у тегинган буюмлар орқали юқади, айни вақтда, вакцинанинг мавжуд эмаслиги унинг тез тарқалишини олдини олиш имкониятлари ҳозирги кунда чекланган. Хорижий ва юртимизнинг вирусология соҳасидаги айрим мутахассилари карантин чоралари COVID-19 тарқалишини бутунлай бартараф эта олмайди деб санашмоқда. Шу боис қатор, масалан Дания, Испания, Италия, Норвегия, Болгария, Австрия, Чехия мамлакатларида ҳудудида пандемия устидан ғалаба қозонилмаган бўлса ҳам карантин ҳолатини юмшатишмоқда. Хитой карантинни бутунлай бекор қилди, Швеция ва Белорусда эса карантин умуман жорий этилмаган. Қатор мутахассислар COVID-19 га қарши вакцина ишлаб чиқилгунча у билан касалланиб унга қарши умумий иммунитет шакллантирган маъқул. Чунки COVID-19 инфекцияси энди бундан буёнга инсон организмидаги касалликлар келтириб чиқарувчи вируслар қаторидан умрбод ўрин олгани ва уни бутунлай йўқотиш имкони йўқлиги таъкидлашмоқда. Шу боис узоқ карантин катта иқтисодий психологик йўқотишларга олиб келиши мумкинлиги, эпидемия орқали вафот этаётганлар сони ҳудудларда табиий равишда ўлиши мумкин бўлган инсонларнинг 0,01 дан 10 фоизигача бўлан улушини ташил этаётгани ва вафот этаётганларнинг аксари турли шароитда бошқа касалликлардан ҳам ҳудди шундай миқдорни ташкил эта олиши ва шу боис ортиқча ваҳимага берилмасликни айтишмоқда.

Аммо, юқоридаги айтиб ўтганимиздек касаллик билан самарали курашиш учун вакцина ёки дори-дармонлар яратилмаган. Шу боис коронавирусдан мустақил ва яширинча даволаниш умуман мумкин эмас, ўткир респиратор инфекцияларни даволашда қўлланиладиган қатор антибиотиклар вирусларга қарши восита эмас. Аксинча, антибиотиклар инсон иммунитетини пасайтириб, бемор аҳволини ёмонлаштиради ва ажратилмаган ҳолатда даволаниш геометрик прогрессияда янги касаллик ташувчиларни кўпайтириб, эпидемик шароитни янада чигаллаштиради.

Текширишлар шуни кўрсатдики, бемор махсус стационарларда даоланиб, тўлиқ соғайганидан кейин ҳам унда касаллик юқтирувчи вируслар сақланиб туради. Корея Республикасида тўлиқ соғайган 100 дан ортиқ бемор қайтадан коронавирусга чалиниши қайд этилган. Буни ҳисобга олган ҳолда даволанишдан кейин ҳам яна 2 ҳафталик реабилитация чора-тадбирлари режалаштирилади ва улар ҳам қатъий карантин тартибларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатиши талаб этилади.

Касалликдан сақланишнинг яна бир талаби бу овқатланиш рационини тиббий талабларга қараб қайта кўриб чиқиш лозим. Ҳафталик меню тузиб, унинг ҳар хил бўлишига эътибор қаратиш тавсия этилади. Ёшга қараб юқори калорияли таомлар истеъмол қилиш керак, фақат,ёши катталар ёғсизроқ мол гўшти истеъмол қилишлари лозим. Витаминга бой турли салатлар, гўштдан ташқари ҳар куни тухум, дуккакли маҳсулотлар еб туриш даркор.

Умуман олганда, аҳолимиз давлатимиз томонидан жорий этилган мажбурий ва зарурий карантин шароитларига риоя этиши, саросимага берилмаслиги ва кўплаб инсофсиз фуқаролар томонидан тарқатилаётган шов-шувларга асоссизлигни таъкидлаймиз. Давлатимизнинг расмий манбаларига кўра озиқ-овқат саноатининг 12 мингдан зиёд корхонаси бир маромда ишламоқда. Мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган ва инсон учун зарур бўлган барча асосий маҳсулотлар ўзларимизда етиштирилади ёки ишлаб чиқарилмоқда. Четдан какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинмоқда-ки, уларнинг кўпчилигидан ўринбосар маҳсулотлар истеъмол қилиш орқали маълум муддат воз кечиш мумкин. Мамлакатда озиқ-овқат заҳираси етарли, ваҳимага ўрин йўқ. Вилоятлардаги ҳар битта шифохонада дезинфекция, индивидуал ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар захираси яратилган ҳамда юқори малакага эга мутахассислар мавжуд. Булар ушбу пандемияни муваффақиятли енгиб чиқишимиз гаровидир.

Шунингдек, бугунги кунда вакциналар яратилгунча, коронавирус одам организимига мослашиб, унга қарши табиий иммунитет ҳосил қилгунча вақтинчалик карантин жорий қилинганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада халқпарвар, муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг пандемия тарқалишини тезкорлик билан олдини олиш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, хориждаги ҳар бир ўзбек фуқорасини ўйлаб, дунёда пандемия тарқалишидан олдин (Хитой ва бошқа давлатлар мисолида) махсус чартер рейслар ташкил этиб, Ўзбекистонга олиб келиниши, олиб келинган ҳар бир фуқаро учун бепул карантин даволанишлар ташкил этилганлиги Ўзбекистонда коронавируснинг деярли тарқалишини олдини олишда энг пухта ўйланган олийжаноб ишлардан бири бўлди. Бунинг исботи сифатида карантинга олинган фуқаролар, касалланган беморларнинг бошқалар билан мулоқотдаги аниқ маълумотлар таҳлил қилиниши, соғайиб чиқаётган беморлар, ўлимнинг жуда камлиги бунинг исботидир. Шунингдек муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон фуқораларига, ҳалқига қилган уч мартоба мурожаати халқнинг янада жипслашишига, республика махсус комиссиясининг карантин талабларига тўлиқ риоя этишлари  ҳам ушбу касалликларнинг тарқалишининг олдини олишда муҳим рол ўйнади.

Икрам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

вице-президенти, Хоразм Маъмун академияси раиси,

биология фанлари доктори, профессор, партия фаоли