Xorazm Ma'mun akademiyasi

“Ёнимдаги дарёлар” хотира кечаси

24-02-2020     So'nggi yangiliklar

Хоразм Маъмун академиясида муассасада узоқ йиллар фаолият юритган шоир ва таржимон, заҳматкаш олим Матназар Абдулҳаким таваллудининг 72 йиллигига бағишланган “Ёнимдаги дарёлар” хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда академия илмий ходимлари, шоирнинг дўстлари, шогирдлари ва Хива педагогика коллежининг бир гуруҳ талабалари иштирок этдилар.

Журналист ва ёзувчи Шуҳрат Маткаримов, шоир ва журналист Отабек Исмоилов, ф.ф.д. А.Д.Ўразбоев, бўлим бошлиғи М.С.Абдуллаев ва кичик илмий ходим Р.Маҳмудовлар ўз маърузалари билан қатнашдилар. Маърузаларда Матназар Абдулҳаким билан боғлиқ хотиралар, ёзган асарлари, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмуддин Кубро, Бедил ва Огаҳийдан қилган таржималари ҳақида сўз юритилди. Айниқса, М.Абдуллаев “Иккинчи муаллим сабоқлари” китоби, унда маҳорат ва топқирлик билан Паҳлавон Маҳмуд фалсафаси Фаробий орқали қадимги юнон фалсафаси билан боғлиқлиги масаласига эътибор қаратди. Шоир ижодидан намуналар ўқилди. Шоирнинг “Дарсдан сўнг” шеъри кўпчилик иштирокчилар, айниқса ёшларни кучли таъсирлантирди.

Маълумот учун: Матназар Абдулҳакимнинг “Дарсдан сўнг” шеърига Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳрида ҳайкал ўрнатилган.