Xorazm Ma'mun akademiyasi

Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг 210 йиллиги

18-12-2019     So'nggi yangiliklar

2019 йил 16-17 декабр кунлари Хоразм вилоятида Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 210 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Жумладан, 16 декабрда Хоразм вилояти мусиқали драма театрида Қурбон Матризонинг “Огаҳий” драмаси намойиш этилди. 17 декабр куни машҳур алломанинг мақбараси зиёрат қилинди. Мақбарада Мунис ва Огаҳийларнинг қабрлари жойлашган бўлиб, қайта таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди.

Республикамизнинг етакчи огаҳийшунослари, Хоразм вилояти ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва бошқа ташкилотлар аъолари иштирокида шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси томонидан янгидан жиҳозланган уй музейи очилди. Хива қўғирчоқ театри актёрлари ижросида саҳна кўриниши намойиш этилди.

Яқинда қуриб фойдаланишга топширилган Огаҳий ижод мактабида Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг асарлар тўпламининг юбилейга тўёна сифатида нашр этилган 7 та жилдининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тўплам Урганч давлат университети ва Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида филология фанлари доктори Абдулла Ўразбоев бошчилигида нашрга тайёрланди.

Шу куни Урганч давлат университетида “Огаҳий – шоир, муаррих ва таржимон” номли халқаро конференция ўтказилди. Шунингдек, Огаҳий ижодидан тузилган қўшиқлардан иборат “Назму наво” кечаси ташкил этилди.