Xorazm Ma'mun akademiyasi

Германия олимларининг Маъмун академиясига ташрифи

28-05-2019     So'nggi yangiliklar

         Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан кўп йиллар давомида Хива Ичон-қалъа давлат музей – қўриқхонасида архитектура ёдгорликларини комплекс ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар натижасида меъморий ёдгорликларнинг пойдеворининг тузилиши, қурилмаларнинг умумий холатига турли табиий омилларнинг таъсири ўрганилган.

          Ушбу тадқиқотлар қадимги Хоразм тарихига оид меъморий ёдгорликларни ўрганиш бўйича ягона иш бўлмасдан, бугунги кунда Хоразм Маъмун академиясининг олимлари томонидан Хазорасп туманида жойлашган Хумбузтепа археологик объектида ҳам қазиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар натижасида тахминан 2600-2700 йилги тарихга эга бўлган, Ўрта Осиё худудидаги зардуштийларнинг энг қадимги ибодатхонаси топилди.

          Ушбу илмий тадқиқотлар натижалари билан танишиш, тажрибалар билан ўртоқлашиш ва тажриба алмашиш мақсадида жорий йилнинг 28 май куни Хоразм Маъмун академиясига Германия Федератив Республикаси Бавария Мюнхен техника университети, архитектура факультети профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалари ташриф буюрдилар. Ташриф давомида академиянинг “Хоразм тарихи ва маданияти” музейида бўлиб, академия олимлари билан суҳбат ўтказдилар, илмий тадқиқот ишлари натижалари билан танишдилар.

          Қизғин ўтган суҳбат натижасида Мюнхен техника университети профессори Ханнелоре Дюбзер ва архитектура бўйича мутахассис Рудолф Мария Грат ҳамкорликда ишларни ташкил қилиш, олинган натижаларни таҳлил қилишда замонавий усулларидан фойдаланиш ва хамкорликда мақолалар чоп қилишга келишиб олдилар.