Xorazm Ma'mun akademiyasi

“Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари” мавзусида илмий - амалий конференция

07-06-2018     So'nggi yangiliklar

 

“2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг амалдаги ижросини таъминлаш ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил этилганининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида 2018 йил 18-19 май кунлари ЎзМУ биология факультетида “Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари” мавзусида илмий - амалий конференция ўтказилган.

Анжуман Ўзбекистон Миллий университетининг 100 йиллигига ва проф. К.С.Сафаровнинг илмий ва педагогик фаолиятига бағишланган. Хоразм Маъмун академияси собиқ раиси, унинг ташкилотчиларидан бири бўлган К.С.Сафаровни табриклаш учун академия жамоаси конференцияда фаол иштирок этди.

Биз домла таваллудининг 70 йиллик юбилейи билан чин қалбдан табриклаб, устозимизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва илмий фаолиятларида улкан ютуқлар тилаймиз.

Каримжон Сафаров – таниқли биолог олим, биология фанлари доктори, профессор. У 1947 йил 15 сентябрда Урганч шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1965 йили ўрта мактабни олтин медаль билан тугатгандан кейин, Тошкент Давлат университетининг биология - тупроқшунослик факультетига ўқишга кириб, уни 1970 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган.

1977 йили “Гамма – радиациянинг ўсимликлар энергетик тизимларига таъсири” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Аспирантурани тугатгач меҳнат фаолиятини биология – тупроқшунослик факультетида бошлаб, катта лаборантликдан кафедра мудиригача кўтарилди. 1988 йилдан 1998 йилгача ўсимликлар физиологияси кафедрасининг мудири мавозимида ишлаб келди.

1998 йилда Хоразм Маъмун академияси раисининг муовини қилиб тайинланди. Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини ташкил қилишда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйишда, илмий кадрларни тайёрлашда, тажриба – синов участкаларини ташкил қилишда ва унинг  1000 йиллик  юбилейини ўтказишда самарали меҳнат қилди.

К.Сафаров кўп қиррали олим бўлиб, уни ўсимликлар биокимёси ва физиологияси, экологияси ва улардан самарали фойдаланиш масалалари қизиқтиради. Ўзининг кўп вақтини доривор ўсимликларни етиштиришга, уларнинг илмий ва халқ табобатида қўлланиш тарихига бағишлайди.

Каримжон Сафаров раҳбарлигида 14 фан номзоди ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган.

К.С.Сафаров 350 дан ортиқ илмий ишнинг муаллифи, шундан 8 таси монография, 6 таси ўқув қўлланма, 4 таси тавсиянома ва 2 таси патентдир.

К.С.Сафаровнинг меҳнат фаолияти юксак баҳоланиб, “Шуҳрат” медали (2000 й) ва турли фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.