Xorazm Ma'mun akademiyasi

Хоразм Маъмун академиясида илк бор қаттиқ буғдой етиштириш бўйича тажрибалар ўтказилди

24-01-2018     So'nggi yangiliklar

Хоразм Маъмун академиясида илк бор қаттиқ буғдойнинг (Triticum Durum Desf) янги ва истиқболли навларини етиштириш бўйича тажрибалар амалга оширилди. Унинг биологик хусусиятлари, минтақа тупроқ-иқлим шароитларига мос ҳолда танлаш ҳамда юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш мақсадида Ғаллаорол Лалмикор деҳқончилик институти селекционерлари томонидан яратилган Макуз-3, Жавоҳир, Истиқболли ва Лекурум-3 каби навлар устида Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан илмий изланишлар олиб борилди.

2017 йилда Хоразм Маъмун академияси тажриба даласида етиштирилган қаттиқ буғдой донларини биокиёвий ва генетик жиҳатдан ўрганиш мақсадида академиянинг “Дон экинлари ва маҳсулотларини таҳлил қилиш” лабораториясида илмий тадқиқотлар давом қилмоқда.

Шу пайтгача Хоразм вилоятида юмшоқ буғдой етиштирилиб келинмоқда. Юмшоқ буғдой унидан нон ва нон маҳсулотлари тайёрланади. Қаттиқ буғдой унидан эса макарон ва қандолат маҳсулотлари тайёрланади. Бундай ун чет мамлакатлардан, хусусан Қозоғистондан импорт қилинмоқда. Сабаби қаттиқ буғдой ўзига хос иқлим шароитларини талаб қилади, асосан лалми ерларда яхши ўсиб ривожланади.

Асосий мақсадимиз суғориладиган майдонларда қаттиқ буғдой етиштириш имкониятларини илмий нуқтаи назардан ўрганишдир. Агарда танлаб олинган қаттиқ буғдой навлари Хоразм вилояти тупроқ-иқлимига мос келса, уни етиштириш агротехнологиялари такомиллаштирилади.