Xorazm Ma'mun akademiyasi

ҚАДИМИЙ ХОРАЗМ ҲУДУДИДАГИ ПАХСАДЕВОР ОБИДАЛАРИНИНГ УМРИ УЗАЯДИ

30-03-2022     So'nggi yangiliklar

Хива  шаҳрида (ЕББР) Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг умумлашган маданий мерослар дастури доирасида “Лой архитектурасини сақлаш” мавзуси бўйича (28 мартдан 10 апрельгача)  семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда. Хоразм  Маъмун академияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу илмий амалий анжуманда олимлар ва тарихий–меъморий ёдгорликларни сақлаш, таъмирлаш ҳамда тарғиб қилиш  билан шуғулланувчи мутахассислар  иштироқ этишмоқда.

Тадқиқ этилаётган деворлар пахсадан IV-III, XI, XX - асрларда тикланган. Ушбу деворлар атмосфера таъсиридан ҳимояланмаган бўлиб, 2500-3000 йил давомида ёмғир, шамол, қор ва қуёш таъсирида очиқ ҳолда турибди. Давомли ноқулай экологик шароитда деворлар емирилиб, бузила бошлаган. Деворларнинг 30-50% и йўқолиб кетган, кўпчилик деворларда ёриқлар пайдо бўлган.

2020 йил январь ойида лойиҳанинг назарий қисми бўйича семинар-тренинг ўтказилган эди. Афсуски, лойиҳанинг амалий қисми пандемия туфайли тўхтаб турган эди. Мана энди жуда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу илмий тадқиқот доирасида республика миқёсида илк бора айнан пахсадевор ёдгорликларини сақлаб қолиш борасида янги технологиялар жорий қилинади.
Бу галги семинар–тренинг асосан амалий жараёнларга бағишланмоқда.

Хива шаҳридаги  гил хом ашёдан, хом ғишт ва пахсадан бунёд этилган Дешон Қалъа деворларини анъанавий  тажрибаларга  таяниб, бадийлигини йўқотмаган ҳолда баъзи қисмларини  консервация қилиш, қайта  тиклаш ҳамда тўғри таъмирлаш бўйича иштироқчиларнинг  фикр-мулоҳазалари, таклифлари  атрофлича ўрганилмоқда.

 “Маълумки, Европа  тикланиш ва  тараққиёт  банки Ўзбекистонда, шу жумладан Хоразм  вилояти, Хива   шаҳридаги  маданий    меросни асраб-  авайлаш ишларини ривожлантириш,  бу соҳага сармоялар  киритиш,  бинобарин  туризм соҳасининг тараққиётига  ҳисса қўшишни ният қилган”, -дейди тренинг ташкилотчиси,  Франциянинг Гренобол шаҳридан   ташриф буюрган мутахассис Себастян Морисет.

Демак, Жанубий Оролбўйидаги ҳар бир тарихий обидани мониторинг қилиш, илмий ўрганиш кун тартибидаги долзарб вазифалардан биттасидир. Айниқса, ушбу тадқиқот ишлари бугунги кунда экологик ёмон муҳитда жойлашган Қорақолпоғистон ва Хоразм тарихий меъморий ёдгорликларини сақлашга оид бўлганлиги боис, унинг аҳамияти жуда каттадир. Ўйлаймизки, ушбу илмий тадқиқотда келтирилган пахсадевор обидалари ва уларни сақлашга оид бўлган тадқиқот натижалари  минтақада туризмни ривожлантиришга доир амалий  ишларга асос бўлади.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, республикамиз тарихий ёдгорликларни сақлаш бўича янги илмий методик (турли хил гидрофоблик хусусиятини оширувчи индикаторлар ишлатилади) тадбирларимиз муваффақиятли бажарилса,  Жанубий Оролбўйидаги дунё тамаддунида ўз ўрни бўлган - 100дан ортиқ қалъаларни  сақлаш ва умрини узайтириш масалаларига ечим топилади.