Хоразм Маъмун академияси Табиий фанлар бўлимида 14-15 октябрь кунлари “Табиий фанлар ривожланишининг замонавий тамойиллари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Анжуманниннг биринчи куни ялпи мажлисда ва шўъбаларда маърузалар тингланди. Шўъбаларда биологик фанларнинг ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари, доривор ўсимликшунослик, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, экология ва табиатдан фойдаланишда ресурстежамкор технологиялар, табиий фанларни ўқитишда фан ва таълим сифати ва интеграцияси каби йўналишларда республикамизнинг кўзга кўринган илмий тадқиқот институтларидан олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашишди.
Анжуманнинг иккинчи кунида амалий тадбирлар доирасида анжуманга йиғилган иштирокчиларнинг бир гуруҳи Хива тумани, Чинобод қишлоғи “Яхшимурод Назарбек” доривор ўсимликлар етиштиришга мўлжалланган фермер хўжалигига ва иккинчи гуруҳи Хоразм Маъмун академияси экспериментал базасига ташриф буюрдилар. Ташриф мобайнида қатнашчилар доривор ўсимликлар етиштиришга мўлжалланган фермер хўжалигида ташкил қилинган лаборатория фаолияти ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан, кейинги гуруҳ эса экспериментал базада Табиий фанлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилаётган дала тажриба ишлари билан яқиндан танишишди.
Анжуман якунида иштирокчилар анжуман фаолияти бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди. Шундай қилиб, икки кунлик қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган анжуман ўз якунига етди.