Xorazm Ma'mun akademiyasi

“Табиий фанлар ривожланишининг замонавий тамойиллари” республика илмий-амалий анжумани

14-10-2021     So'nggi yangiliklar

Хоразм Маъмун академияси Табиий фанлар бўлимида “Табиий фанлар ривожланишининг замонавий тамойиллари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда. 14-15 октябрь кунларига режалаштирилган анжуманнинг дастлабки куни ялпи маърузалар билан бошланди ва шундан кейин анжуман қатнашчилари Биологик фанларнинг ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари; Доривор ўсимликшунослик соҳасининг истиқболлари; Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш шароитида агрономиянинг замонавий муаммолари; Экология ва табиатдан фойдаланишда ресурстежамкор технологиялар; Табиий фанларни ўқитишда фан ва таълим сифати ва интеграцияси каби шўбаларда ўз маърузалари билан чиқишлар қилдилар. Анжуманда Хоразм Маъмун академияси илмий ходимлари, таянч докторантлари, Хоразм вилояти миллий табиат боғи ходимлари иштирок этдилар, шунингдек ЗООМ платформаси орқали республикамиздаги кўзга кўринган илмий тадқиқот институтлари олимлари ҳам онлайн тарза қатнашдилар. Олимлар ва ёш тадқиқотчилар ўз илмий изланишлари ва сўнги йилларда эришган муҳим натижалари тўғрисида чиқишлар қилишди ва илм фан соҳасидаги сўнги янгиликлар билан ўртоқлашишди. Анжуман қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Анжуманнинг 15-октябрь, иккинчи куни учун амалий тадбирлар режалаштирилган. Бунда қатнашчилар икки гуруҳга ажралган ҳолда Хива тумани, Чинобод қишлоғи “Яхшимурод Назарбек” доривор ўсимликлар етиштиришга мўлжалланган фермер хўжалигига ҳамда Хоразм Маъмун академияси экспериментал базасига ташриф режалаштирилган. Ташрифлардан фермер хўжалигида ташкил қилинган лаборатория фаолияти ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда экспериментал базада Табиий фанлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилаётган дала тажриба ишлари билан яқиндан танишиш кўзда тутилган.