Xorazm Ma'mun akademiyasi

МОЗИЙ МАНЗИЛЛАРНИ ИЗЛАБ

31-08-2021     So'nggi yangiliklar

Ёши икки ярим – уч минг йилга бориб тақаладиган қадимий шаҳар Хива, айниқса, унинг бағридаги Ичан-Қалъа бамисоли очилмаган сирли сандиқ. Ҳар бир обидаси узоқ ўтмишдан ҳикоя қилувчи музей-шаҳар бағрида ҳали қанчадан қанча сир-синоатлар яширин. Уларни излаб топиш, мозийни чуқур-ўрганиш, бой тарихимиз саҳифаларини янги нодир далилий ашёлар билан тўлдириш ва тарғиб қилиш бугуннинг долзарб вазифалардан биридир.
Шу мақсадда Хоразм Маъмун академияси олимлари “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари билан ҳамкорликда яна бир хайрли ишга қўл уришди. Меъморий тарихий мажмуа, қалъа ичидаги қалъа--Кўҳна аркдаги очиқ майдонда археологик қазишма ишларига киришилди.
Ушбу ҳудудда ўтган асрнинг 90-йилларида илк археологик изланишлар амалга оширилган, натижада ХVIII-ХIХ асрга оид маданий қатлам аниқланиб, топилган нодир ашёлар музей экспонати сифатида экспозицияларда намойишга қўйилган эди.
Галдаги археологик қазишмалардан мақсад изланишларни янада такомиллаштириш, энг қадимги маданий қатламларни қидириб топиш, илмий ўрганиш ва улардан музейлаштириш жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат.
-- Изланишларнинг дастлабки кунлариданоқ ХVII-XVIII асрга оид сапол буюмлар, сувоқава тизимида ишлатилган қадимий ашёлар топилди,-- дейди Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими Баҳром Саъдуллаев. – Ҳамкасблармиз Шихназар Рахимов, Шоҳруҳмирзо Исмоилов, Собиржон Собиров ва музей-қўриқхона мутахассислари Отаназар Раҳмонов, Лочинбек Матрасулов, ва бошқалар ҳамкорлигида қазишма ишлари давом эттирилмоқда. Бу жойдан ҳали кўпчиликни ҳайратга солувчи ва тарихимизни чуқур ўрганишга хизмат қилувчи нодир ашёлар топилиши шубҳасиз.
Археологик қазишмалар олиб боилаётган майдоннинг ўзини келгусида сайёҳлар томоша қиладиган ойнаванд экспозициясига айлантириш кўзда тутилган.
Давом этаётган илмий-ижодий изланишлар самараси келгусида музей-қўриқхона жозибадорлигини ошириш, янги экспозициялар, кўргазмалар ташкил этиш, бир сўз билан айтганда воҳада туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.