Xorazm Ma'mun akademiyasi

УСТОЗЛАР ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

14-06-2021     So'nggi yangiliklar

Шундай кишилар борки, илм-маърифати, касбига садоқати, эл-юрт учун қилган хизматлари ва инсоний фазилатлари билан элдошлари ҳурмат-эътиборига сазовор бўладилар. Бу ёруғ дунёни тарк этсалар-да халқимиз хотирасидан ёди ўчмайди.
Хоразм Маъмун академиясида, “Ичан-Қалъа” давлат музей - қўриқхонасида ва нуфузли илмий муассасаларда фаолият кўрсатган тарихчи олимлар Шихназар ака Матрасулов ҳамда Абдулла Абдурасулов ака шундай устозлардан эдилар.
Шу йил 11 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида ана шу қадрибаланд элдошларимизга бағишланган хотира кечаси ўтказилди. Кечада Шихназар ака ва Абдулла аканинг яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари, академия ва УрДУ олимлари, талаба ёшлар иштирок этишди. Дастлаб иштирокчилар устозлар хотирасига бағишлаб ташкил этилган, улар фаолиятини акс эттирувчи суратлар ва китоблар кўргазмаси билан танишдилар.
Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев кечани очар экан, ҳар иккала устоз ҳақида илиқ фикрларни билдирди, илм-фан соҳасидаги хизматларини эътироф этди.
Шундан сўнг сўзга чиққан “Ичан-Қалъа” давлат музей - қўриқхонаси директори Шоназар Матяқубов, Хоразм Маъмун академияси бўлим бошлиғи, олима Юлдуз Раҳмонова, музей-қўриқхона илмий котиби, тарихчи олим Комилжон Худайберганов, музей-қўриқхона бош муҳофизи Озод Каримов, мехнат фахрийси Олимбой Отажонов, шоир, журналист Отабек Исмоилов, шогирдлардан Ҳасанбой Матчанов, олима, УрДУ ўқитувчиси Шоира Қўшназарова ва бошқалар ўз хотираларини ўртоқлашар эканлар устозларнинг ўлкамиз тарихини ўрганиш, аждодлар меросини келажак авлодга етказиш, шогирдлар, муносиб фарзандлар тарбиялаш борасидаги улкан хизматларини, инсоний фазилатларини алоҳида ёдга олдилар.
Зеро, ана шундай фидойиликлари учун Шихназар ака ҳам, Абдулла ака ҳам, нафақат эл эъзози балки давлатимизнинг орден ва медалларига ҳам сазовор бўлганлар.
Хотира кечасида УрДУ талабалари ҳам иштирок этиб, хотира, меҳр-оқибат ҳақида шерълар ўқишди.
Шунингдек кечада устозлар ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги видеоролик ҳам намойиш этилди.
Кеча якунида оталарининг эзгу ишларини давом этираётган Шихназар устознинг фарзанди Лочин Матрасулов, Абдулла устознинг фарзанди Мақсуд Абдурасуловлар оила аъзолари номидан ўз ташаккурларини изҳор этишди.