Xorazm Ma'mun akademiyasi

Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш

26-04-2021     So'nggi yangiliklar

Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида Президентимиз Ш. Мирзиёев  бошчилигида эзгу ва савобли ишлар амалга оширилмоқда.
           Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 8 октябрдаги Ф-5598-сонли қарорида қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида илмий тарихий китоблар, фотоальбомларни нашр этишларини ташкил этиш ва амалга ошириш вазифаси белгиланган.

Бу борада Хоразм Маъмун академиясида ҳам тадқиқотлар амалга оширилмоқда. ЎМДА, Хоразм вилояти Давлат архиви, Янгибозор, Хива ва Хонқа туман архивларида қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш юзасидан изланишлар олиб борилди.

 Республика ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ҳузуридаги архив, ДХХ, ИИБ ва Олий суд архивларидан бир қатор Ўзбекистонлик қатағон қилинган шахслар бўйича аниқланган маълумотлар тақдим этилди.

Шаҳид бўлган юртдошларимиз хотирасини келгуси авлодларга безавол етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобига материаллар тўплаш ишлари амалга оширилмоқда. Қатағон қурбонлари Хоразм вилояти хотира китобини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Ҳозирда китоб якунланиш арафасида. Шунингдек Шаҳидлар хотираси хиёбонига ўрнатиладиган рамзий Хотира китоби ёдгорлигига ҳам хоразмлик қатағон жабрдийдалари рўйхати тайёрланди.

08.10.2020 йил “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Ф-5598-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши чиккунга қадар архив ҳужжатлари, илмий адабиётлар ва илмий экспедициялар асосида хоразмлик қатағон қурбонларидан 1315 киши исм-шарифлари ва маълумотлари аниқланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойишдан кейин аниқланган хоразмлик қатағон жабрдийдалари 4000 кишидан ошди. Хоразм вилояти бўйича қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотира китобларини яратиш ишларига Хоразм Маъмун академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими бошлиғи тарих фанлари номзоди Ю.Рахманова раҳбарлик қилмоқда.